Жорий йилда 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни мамлакатимизда сайл тарзида ўтказилади, деб хабар бермоқда ХТВ ахборот хизмати. Хабарда қайд этилишича, умумхалқ байрамида юртимизда фаолият олиб бораётган барча педагогларнинг иштироки таъминланади. Байрам тадбирида таълим соҳасида узоқ йиллар ёш авлод таълим-тарбиясида хизмат қилган фахрий устозлар билан бир қаторда ёш педагог ва мураббийлар ҳам қатнашиши кўзда тутилган.

Халқ таълими вазирлигига кўра, Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан халқ таълими тизимида кўп йиллар меҳнат қилган фахрий устозларга эҳтиром кўрсатилиб, байрам табриклари етказилади. Фидойи ўқитувчиларга ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилади.

Айни пайтда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри марказларида ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан тадбирлар ташкил этилиб, умумхалқ байрами кўтаринки руҳда нишонланмоқда.