Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида «Академик лицейлар ва профессионал таълим тизими муассасалари ходимларини моддий рағбатлантиришни кучайтириш ва уларнинг меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш тўғрисида»ги Президент қарори лойиҳаси жойлаштирилди. Қарор билан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг қатор таклифлари маъқулланиши мумкин.

Жумладан, академик лицейлар ва профессионал таълим тизимидаги таълим муассасаларининг (кейинги ўринларда – таълим муассасалари) раҳбар ва педагог ходимлари ҳамда ўқув ёрдамчи ходимларининг лавозим маошларини:

2020 йил 1 январдан — 2 бараварга ошириш;
2020 йил 1 сентябрдан бошлаб — 1,2 бараварга ошириш;
2020 йил 1 январдан ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига кўра техник, хизмат кўрсатувчи ва бошқа ходимларнинг лавозим маошларини аниқлашда тариф коэффициентларини бир ярим баравар миқдорида қўллаш;
Институтнинг қўшимча таълим хизматларини кўрсатиш асосида ишлаб топган бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан институт ходимлари лавозим маошларига 200 фоизгача устама ҳақ тўлаш тўғрисидаги таклифларига розилик берилиши мумкин.

Шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда:

– 2020 йил 1 январдан таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог ходимлари ҳамда техник, хизмат кўрсатувчи, ўқув ёрдамчи ва бошқа ходимларининг лавозим маошларини белгилашда, меҳнатга ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган механизмини жорий этади;
– 2020—2021-ўқув йилидан бошлаб таълим муассасаларининг кундузги ўқиш бўйича таълим йўналишлари, касблар ва мутахассисликларига қараб бир ўқитувчига тўғри келадиган ўқувчилар сони нисбатининг чекланган нормативларини 1:10,0 нисбатида белгилайди.
– ушбу нисбат нормативлари Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланади.

2020 йил 1 январдан бошлаб:

а) таълим муассасалари ходимларига устамалар белгилаш, мукофотлар тўлаш ва моддий ёрдам кўрсатиш йўли билан уларни рағбатлантириш мақсадида, таълим муассасаларида бюджет ташкилотлари учун қўлланиладиган ходимларни моддий рағбатлантириш махсус фонди ташкил этилади.

б) таълим муассасаларининг педагог ходимларига қўшимча ҳақ, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг:

гуруҳ раҳбарлиги учун — 50 фоиз;
ёзма ишларни текшириш учун — 25 фоиз;
ўқув ва лаборатория кабинетларига мудирлик учун — 25 фоиз миқдорларда белгиланади.
Мазкур қўшимча ҳақлар билан боғлиқ харажатлар таълим муассасаларини молиялаштириш манбасидан келиб чиқиб, мос равишда бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланиши инобатга олинади.