Андижон вилоятининг Андижон шаҳридаги 50-умумий ўрта таълим мактаби директорининг ўринбосари ва Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси дарсга формасиз ҳолда, бунинг устига кеч қолиб келган ҳамкасбларининг турмуш ўртоғи томонидан ўқитувчи ва ўқувчилар кўз ўнгида, мактаб ҳовлисида калтакланган.

Вилоят халқ таълими бошқармасининг маълум қилишича, мазкур воқеа 5 октябрь, шанба куни юз берган. Ўша куни мактабда соат 13:20 да маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Ш.Ў. ҳамда Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси Ғ.А. кийиниш маданиятига риоя қилмаган ва дарсга кеч қолган математика фани ўқитувчиси Д.Ю.га оғзаки огоҳлантириш беришган. Бироқ Д.Ю. уларга қаршилик қилган ва ўртада тортишув келиб чиққан.

Тортишув натижасида Д.Ю. уларга турмуш ўртоғи билан таҳдид қилган. Соат 13:35 да Д.Ю.нинг турмуш ўртоғи ҳамда унинг дўсти мактабга бостириб кириб Ш.Ў. ҳамда Ғ.А.ни мактаб кириш қисмида темир таёқ билан дўппослаган. Безорилар жанжални тўхтатишга уринган ўқитувчиларни ёмон сўзлар билан ҳақорат қилиб, уларни ҳам дўппослашга уринган.

Ушбу ҳолат бўйича бошқа педагоглар томонидан зудлик билан шошилинч тез тиббий ёрдамга ҳамда ҳудудий профилактика инспекторларига хабар берилган.

Соат 14:00 да профилактика инспекторлари воқеа жойига етиб келган, лекин бу вақтда Д.Ю.нинг турмуш ўртоғи ҳамда унинг дўсти ҳодиса содир этилган жойдан кетиб қолган эди.

Жабр кўрганлар шошилинч тез тиббий ёрдам навбатчи шифокорлари томонидан Республика шошилинч тез тиббий ёрдам маркази Андижон филиалига олиб кетилган.

Шифокорлар хулосасига кўра, Ш.Ў. мия чайқалиши, бурун синиши, юз ўнг қисмининг кўзи атрофи ҳамда оёқларининг тизза қисми қаттиқ зарба натижасида жароҳатлангани, Ғ.А.нинг мия чайқалиши, бурун ва икки тиши синиши, бадани ҳамда чап қўли зарбадан қаттиқ жароҳатлангани аниқланган. Барча муолажалар ўз вақтида қилинганлиги сабабли ҳозирда жабрланувчиларнинг соғлиғи яхши ҳолатда ҳамда доимий шифокорлар назоратида турибди. Мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари терговолди текширув ишлари олиб бормоқда.