Британия Кенгаши лойиҳаси доирасида Cambridge Assessment International Education компаниясининг етакчи мутахассислари Стив Кинг ва Доминик Слейд Ўзбекистондаги халқ таълими тизимини таҳлил қилди, деб хабар бермоқда ХТВ ахборот хизмати. Хабарда қайд этилишича, олинган маълумотларга асосланиб, мактабда таълимни янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади.

Cambridge Assessment International Education вакиллари Стив Кинг ва Доминик Слейд мактаб директор ва ўқитувчилари, шунингдек, ўқувчи ҳамда уларнинг ота-оналари, таълим соҳасидаги бир қатор ташкилотлар масъуллари билан ўтказилган учрашувлар давомида халқ таълими тизимини ўрганишган. Натижаларга кўра, британиялик маслаҳатчилар томонидан халқ таълими тизимининг кучли ва заиф томонлари аниқланиб, дастлабки тавсиялар ишлаб чиқилиб, ХТВ раҳбариятига тақдим этилган.

ХТВ ахборот хизмати хабарида экспертлар Ўзбекистонда ўқитувчилар мавқеи тобора ўсиб бораётганини, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари муаллимларни қадрлашини, шунингдек, мактабларда ўтилаётган ўқув дастурини юқори баҳолашган.

Шу билан бирга мутахассислар 10- ва 11-синф ўқувчиларига кириш имтиҳонларига тайёргарлик кўриш учун фанларни танлаш имконияти бериш кераклигини тавсия қилишган, миллий ўқув дастурини ишлаб чиқиш, компетенцияли ёндашув асосида ўқитишни енгиллаштириш учун дарсликларни қайта кўриб чиқишни таклиф этишган, педагогик университетларга юқори билимга эга абитуриентларни жалб қилиш зарурлигини айтишган. Бундан ташқари, британиялик мутахассислар мактаблар фаолиятини баҳоловчи ихтисослаштирилган ташкилот тузишни ва ўқитувчиларни сертификатлаш тизимини қайта кўриб чиқишни таклиф қилишган.

Cambridge Assessment International Education мутахассислари Стив Кинг и Доминик Слейд олинган маълумотларга асосланган ҳолда якуний ҳисобот тайёрлайди. Мазкур ҳисоботда халқ таълими тизимидаги кучли томонлар ва мавжуд муаммолар, шунингдек, тизимни такомиллаштириш бўйича тавсиялар кўрсатилади. Халқ таълими вазирлиги раҳбарияти британиялик мутахассисларга тизим бўйича якуний ҳисоботни тайёрлашда яна нималарга эътибор қаратиш кераклиги борасида ўз тавсияларини берган. Британиялик мутахассисларнинг якуний ҳисоботи вазирлик томонидан муҳокама учун нашр этилиши режалаштирилмоқда.

Хабарда маълум қилинишича, британиялик мутахассислар ташрифи Буюк Британия Кенгаши томонидан Future English («Келажак учун инглиз тили») мактабларда инглиз тили ўқитишни такомиллаштириш лойиҳаси доирасида ташкил этилган. 2019 йилнинг 15 август куни Ўзбекистон Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ва Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Рейчел Айленд инглиз тили ўқитилишини ислоҳ қилишга қаратилган ҳаракатлар режаси тўғрисидаги келишув хатини имзолаган.

Future English лойиҳаси Британия Кенгашининг таълим тизимида инглиз тилини ўрганиш ва ўқитишда сифатни таъминлашга қаратилган глобал стратегик режасини қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлиб, келгусидаги инновацияларни татбиқ этишга ҳамда ривожлантиришга туртки бўладиган тадқиқот ўтказишни кўзда тутади. Лойиҳанинг асосий мақсади - меҳнат бозорига кириб бораётган ёки олий таълим олишга интилаётган мактаб битирувчиларининг инглиз тили даражаси бўйича кўтарилаётган ва қайта-қайта таъкидланаётган муаммоларни тадқиқ этиш ҳамда инглиз тилини ўқитишдаги миллий сиёсат ва муҳим стратегияларни яратишда қўл келадиган, халқаро маълумотлар стандартлари билан таққосланиши мумкин бўлган ишончли маълумотлар танқислигини бартараф этишга қаратилган.

Мазкур лойиҳа мавжуд муаммоларни аниқ ва ишончли далиллар тўплаган ҳолда сифатли тадқиқот ўтказиш ҳамда натижалардан келиб чиқиб, ўқитувчиларнинг касбий ривожланиши ва малака оширишига кўмаклашиш орқали ҳал этишни кўзда тутган. Future English лойиҳа йўналиши инглиз тилини ўқитиш сиёсатини янада самаралироқ ривожлантиришда фойдали бўлувчи маълумот ҳамда натижаларни глобал ва минтақавий даражада таққослаш имконини беради. Вақт ўтиши билан маълумотларнинг янгиланиб бориши энг сўнгги тенденцияларни аниқлаш имконини беради ҳамда миллий тараққиётда инглиз тилининг роли ва таъсирини яхшироқ тушунишга ёрдам беради.

Лойиҳанинг инглиз тилини ўқитишдаги эҳтиёжларни ўрганиш билан боғлиқ тадқиқот қисми ўқитувчиларнинг малакасини мақсадли ошириш миллий тизимини самарали ташкил этиш билан боғлиқ ислоҳотларда, айниқса, фойдали бўлиши кутилмоқда. Бу эса, ўз навбатида ўқитувчиларнинг тил ўргатиш маҳорати ва касбий малакаларини такомиллаштиришга ва унинг натижасида олий таълимга ҳамда меҳнат бозорига кириб бораётган битирувчиларнинг муҳим кўникмаларни эгаллашларига, халқаро мобиллик жараёнида фаол бўлишларига эришиш имконини беради.