2018 йилнинг апрель ойида ташкил этилган "Буюк келажак" ўзида дунёнинг 20 дан ортиқ давлатида меҳнат қилаётган 300 дан зиёд асли келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган турли соҳа мутахассисларини бирлаштирган бўлиб, уларнинг кўмаги ва тавсияси асосида Ўзбекистоннинг ривожланиш йўлларини ишлаб чиқишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Бироқ 10 сентябрь куни ташкилотнинг бир неча аъзолари унинг таркибидан чиққанини бирин-кетин эълон қила бошладилар.

Ҳеч қанча вақт ўтмай, ташкилотнинг ўн нафар собиқ эксперти Facebook'да қуйидагича коллектив баёнот билан чиқди:

"Қадрли дўстлар, "Буюк келажак" халқаро нодавлат-нотижорат ташкилоти ташкил этилганда биз Ўзбекистондаги ислоҳотларга ўз ҳиссамизни қўшишимиз учун имкон яратилганидан хурсанд бўлгандик. Биз барчамиз Ўзбекистонни 2035 йилгача ривожлантириш концепциясини яратиш бўйича бир қатор лойиҳаларда иштирок этдик, ишлаб чиқдик, Биз «Буюк келажак» халқаро нодавлат-нотижорат ташкилотининг (ХННТ) иккита форумида ва бошқа кўплаб, тадбирларда онлайн равишда ва шахсан иштирок этдик.

Минг афсус билан ташкилот ичидаги айрим сабабларга кўра, биз мазкур ташкилот доирасидан чиқамиз, аммо мамлакат тараққиёти учун ўз ҳиссамизни қўшишда давом этамиз.

Имкониятдан фойдаланиб, "Буюк келажак" экспертлари ва ходимларига, халқаро ташкилотлар, вазирлик ва қўмиталар вакилларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ходимларига миннатдорлик билдирамиз."

Ички низо

Фаолияти самарадорлигига нисбатан аввалдан ишончсизлик юқори бўлган ташкилотда юзага келган бундай ҳолат аксарият одамларни ҳайрон қолдирди.

Мамлакат келажагини қуришда иштирок этишга бел боғлаган экспертлар жамоаси орасида маълум зиддиятлар юзага келгани борасида тахминлар пайдо бўлди.

Би-би-си Ўзбек Хизмати алоқага чиққан айрим собиқ экспертлар ўзларининг ташкилотдан чиқиб кетишида маълум омиллар рўй ўйнагани, аммо «Буюк Келажак» раҳбарияти вазиятни расмий изоҳламагунча, улар сабабларни ошкор қила олмасликларини билдирдилар.

Баҳром Исмаилов айрим экспертлар нега чиқиб кетганини айтмаган.

Ташкилот таъсисчиларидан бири бўлмиш Баҳром Исмаилов ҳам 11 сентябрь куни Repost.uz нашрига берган изоҳида экспертларнинг бир қисми ташкилот таркибидан чиқиб кетгани сабабларини очиқламаган.

Би-би-си Ўзбек Хизмати мазкур ҳолат юзасидан расмий изоҳ олиш мақсадида "Буюк Келажак"нинг Тошкент офиси билан боғланиб кўрди.

Аммо гўшакни кўтарган ташкилот вакили Баҳром Исмаиловнинг сўзларига ишора қилган ҳолда, бу борада расмий баёнот аллақачон матбуотга тарқатилганини таъкидлади.

Бироқ Би-би-си Ўзбек Хизмати ихтиёрига келиб тушган ташкилот ички ҳужжатида Баҳром Исмаиловнинг ўзи ҳам 11 сентябрь куни «Буюк Келажак» Мувофиқлаштириш Кенгаши қарори билан Экспертлар кенгаши таркибидан чиқариб юборилгани айтилади.

Хусусан, ушбу қарорга асос сифатида Баҳром Исмаилов томонидан йўл қўйиб келинган тизимли интизомий қоидабузарликлар, жумладан, унинг ташкилотга тегишли расмий ва норасмий Telegram каналлари бошқарувини Ижро органи ихтиёрига топширмаганлиги келтирилади.

Бундан ташқари ҳужжатда "Исмаилов қўлида қолаётган каналларнинг легитим эмаслиги» таъкидланиб, Экспертлар кенгаши аъзоларига «Исмоилов томонидан дезинформация ҳаракатларидан сақланиш мақсадида" мазкур каналлардан чиқиб кетиш тавсия этилади.

Ташкилот Экспертлар кенгаши жорий аъзоларидан бири Би-би-си Ўзбек Хизматига ўн нафар экспертнинг «Буюк Келажак»ни тарк этишига айнан улар ва Баҳром Исмаилов ўртасида мавжуд бўлган ички келишмовчилик сабаб эканини айтади.

"Ўнталик битта одам билан келиша олмади. Оддий одамлар қанчалик майда-чуйда мавзуларга ўралашиб қолган бўлса, "Буюк келажак"да ҳам шу аҳвол. Экспертлар ҳам Ўзбекистон ССР, ўзбек тили масаласи, Улуғ Ватан Урушими ёки Икки Жаҳон Уруши каби масалаларда тортишавериб, охири чиқиб кетдилар", маълум қилади у.

Бироқ Баҳром Исмаиловнинг ўзи билан боғланиб, бу борада изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Шунингдек, ўтган тунда ташкилот маълум экспертларнинг ўз таркибидан чиқиб кетишига оид баёнот эълон қилингани ва зум ўтмай, мазкур хабар расмий сайтдан ғойиб бўлгани ҳам маълум бўлди.

Баёнотнинг сақланиб қолган нусхасида «экспертларнинг чиқиб кетишига олиб келган сабаб бартараф этилгани» ва «Буюк Келажак» «ички нормалар ва қоидаларнинг бузилишига тоқат қилмаслик сиёсатини давом эттириши» таъкидланади.

Ўзини оқламаган кутиш

"Буюк келажак" ташкилотига нисбатан берилаётган эътибор ва унинг аҳамияти бўрттириб юборилаётганини таъкидлаган Францияда истиқомат қилувчи сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов эса ёш экспертларнинг ташкилотни тарк этиши бўйича қуйидаги фаразларни илгари суради:

"Бу ёшлар ташкилот таркибига кирар экан, уларда ижтимоий ва индивидуал кутиш юқори бўлган. Уларда бу ташкилотга қўшилар эканмиз, у ёки бу юқори давлат лавозимлари, ижтимоий мавқени эгаллаймиз, деган кутиш юқори бўлган бўлиши мумкин. Улар ижтимоий пиллапоялардан кўтарилиш, ҳокимият корридорларига кириб бориш [ниятлари] борасида у ёки бу шаклда сигнал бериб келишар эди. Яъни янги ҳокимиятнинг малакали кадрларга эҳтиёжи юқори ва биз шундай корридор бўла оламиз, деган сигнални беришган эди. Менимча, маълум муддат ўтиб, бу кутишлар ўзини оқламади, уларда таажжубланиш юзага кела бошлади ҳамда шундан кейин бир қанча аъзолар ташкилотдан чиқиб кетди."

Раббимов ташкилот ичида гуруҳий бўлинишлар пайдо бўлган бўлиши мумкинлигини ҳам тахмин қилади.

"Ичкарида турли фракциялар, гуруҳлар ўртасида рақобат пайдо бўлган бўлиши мумкин. Яъники кимдир ташкилот раҳбариятига яқин бўлиб, қолганлар жараёнлардан четга чиқиб қолган бўлиши мумкин".

"Яна бир тахмин - экспертларга нисбатан қизиқиш, уларни жараёнларга жалб қилиш, стол атрофида бирлаштириб, фикр олиш ва рағбатлантириш даражаси ниҳоятда паст бўлган бўлиши мумкин" - қўшимча қилади сиёсий таҳлилчи.

Шунингдек, Камолиддин Раббимов ёш экспертлар ва ҳукуматда маълум ўринларни эгаллаб олган ёши катта авлод ўртасида ҳам рақобат юзага келган бўлиши эҳтимолини тилга олади.

"Ўзбекистонда ҳокимият алмашгандан сўнг айни пайтда ёш авлод ва катта авлод ўртасида кураш кетяпти, дейишимиз мумкин. Катта авлод ўзининг мавқейи, ўзи эгаллаб турган позицияларни бериб қўйиш ниятида эмас".

"Улар очиқ ва шаффоф рақобатга тайёр эмас. Улар биладики, давлат лавозимларига сайловлар бўладиган бўлса, ёш авлодга ютқазадилар. Каримов давридан бери ҳокимиятни эгаллаб келаётган шахслар бу каби ёшлар ташкилотларига салбий қараш билан қарайди. Бу омил ҳам мавжуд".