Собиқ прокурор Отабек Муродовнинг жиноий иши Давлат хавфсизлик хизмати(ДХХ)нинг собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев иши доирасида кўрилмоқда. Бу ҳақида Бош прокуратура Би-би-сига маълум қилди.

Айни дамда Би-би-сининг Ўзбекистон ҳукуматига яқин манбаси Ихтиёр Абдуллаев бошчилигидаги қатор раҳбарлар «давлат тўнтариши ҳаракатлари» бўйича тергов қилинаётганини билдирган.

Би-би-си Бош прокуратурадан Абдуллаев ва Муродовлар ишлари президент Шавкат Мирзиёевга қарши давлат тўнтариши ҳаракатларини амалга ошириш бўйича терговларга боғлиқ ёки боғлиқ эмаслигини ҳам сўради. Аввалроқ кўплаб норасмий хабарларда ҳам қатор мулозимлар, жумладан Ихтиёр Абдуллаев ҳам давлат тўнтариши ҳаракатида гумон қилинаётгани айтилганди.

«(Отабек Муродов иши) Ихтиёр Абдуллаевга нисбатан бўлган жиноят иши доирасида кўриб чиқилмоқда. Қолган маълумотлар тергов сири билан боғлиқ бўлгани сабабли ошкор этилмайди. Ушбу масала бўйича расмий маълумот бўлиши билан маълум қилинади», – деди прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов Би-би-си саволига ёзма равишда жавоб йўллаб.

Отабек Муродов бош прокурор лавозимидан озод қилингани 20 июнда маълум бўлганди. Бу хабардан бир кун ўтиб мажлисда гапирган президент Мирзиёев собиқ бош прокурор порахўрликда айбланиб унга қарши жиноий иш очилганини ҳамда қатор расмийлар узоқ йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилишини айтган.

Аввалроқ, 14 июнда бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев собиқ ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаев ва унинг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Эгамовга қарши жиноий иш очилганини билдирган.

«Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, порахўрлик билан боғлиқ жиноятларни содир этганлик бўйича Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбарлари Абдуллаев, Эгамов ва бошқа мансабдор шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Тергов жараёнида давлат сирларига алоқадор қатор юқори давлат органлари мансабдор шахслари ишлари кўрилаётгани туфайли терговни ёпиқ тарзда олиб боришга қарор қилинган», – деган эди Эркин Йўлдошев.

Айни дамда, Gazeta.uz ўз манбасига таяниб хабар қилишича, июл ойи ўртасида ҳарбий судда Ихтиёр Абдуллаев иши бўйича суд жараёни бошланган ва бу ишда ўндан ортиқ юқори даражали расмийлар иши ҳам кўрилмоқда.

Ҳарбий судлар давлат сирлари ҳамда Мудофаа вазирлиги, ДХХ, ИИВ ва бошқа ҳарбий муассасаларга алоқадор ишларни кўриб чиқади.

Айни дамда, кузатувчилар Ўзбекистонда юқори даражали амалдорларга боғлиқ жиноий ишлар «давлат сири» важи билан шаффоф олиб борилмаётгани ҳамда уларнинг ёпиқ олиб борилиши жамоатчилик ўртасида турли миш-мишлар тарқалишига сабаб бўлаётганини таъкидлашади.

Ихтиёр Абдуллаев ва Отабек Муродовга мустақил адвокатлар ёллаш ҳуқуқи берилгани ё берилмагани ҳамда уларнинг ҳозирги аҳволи борасида маълумот йўқ.