Ўзбекистон Ҳарбий Суди ДХХ собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев ва юқори лавозимларда ишлаган 22 мансабдор устидан ҳукм эълон қилган.

Икки ой ёпиқ ўтган маҳкама ҳукмига кўра, Ўзбекистоннинг собиқ бош прокурори ва собиқ ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаев жиноий уюшма ташкил қилган.

Жиноий гуруҳ аъзолари деб топилган 23 шахс мансаб ваколатини суистеъмол қилиш, уюшган гуруҳ ва жиноий уюшма манфаатларини кўзлаб, жуда кўп миқдорда пора олиш, Ўзбекистон Республикасининг манфаатларига хилоф равишда битимлар тузиш, товламчилик, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш каби қатор жиноятларни содир этишда айбдор деб топилганлар.

Маҳкамада ДХХ раиси собиқ ўринбосари Жаҳонгир Эгамовга 16 йил, ДХХ раиси собиқ маслаҳатчиси Алишер Ишанходжаевга 17 йил, собиқ Тошкент шаҳри прокурори ўринбосари Ёрқин Абдуллаевга 14 йил, Адлия вазирлигининг Кадрлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи собиқ ўринбосари Юсуфбой Ходжаевга 8 йил, собиқ Бош прокурор ўринбосари Ғайрат Хидоятовга 5 йил, Олий суд раисининг собиқ ўринбосари Баходир Деҳқоновга 5 йил, Наманган вилояти собиқ прокурори Улуғбек Тошевга 5 йиллик озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

"Қолган 15 нафар судланувчига ҳам содир этилган жиноятларнинг оғирлилик ва ижтимоий хавфлилик даражаси ҳамда уларнинг жиноятлардаги иштирокидан келиб чиқиб, жазолар тайинланди", деб хабар қилади Ўзбекистон Олий Суди матбуот хизмати.

Би-би-сига Олий Суд матбуот хизматидан айтишларича, қолган 15 судланувчи орасида собиқ бош прокурор Отабек Муродов йўқ.

Бундан олдин Ўзбекистон Бош Прокуратураси Отабек Муродовнинг жиноий иши Ихтиёр Абдуллаев иши доирасида кўрилаётганини маълум қилган эди.

Бош Прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев Ихтиёр Абдуллаев иши доирасида 10 яқин киши тергов қилинаётганини айтган эди.

"Тергов жараёнида қатор юқори давлат органлари мансабдор шахслари ишлари кўрилаётгани туфайли терговни ёпиқ тарзда олиб боришга қарор қилинган", деган Эркин Йўлдошев.

Ихтиёр Абдуллаев 2018 йилнинг 31 январ куни Мирзиёев томонидан МХХ раиси лавозимига тайинланганига қадар Ўзбекистон Бош прокурори бўлиб ишлаган.

Абдуллаев 2019 йилнинг 11 февралида ДХХ раиси лавозимидан озод этилган.

Бу ҳақдаги Президент фармонида Ихтиёр Абдуллаев "соғлиги туфайли ўз аризасига биноан" лавозимдан озод этилгани таъкидланганди.

"Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Раиси лавозимида ишлаб келган Абдуллаев Ихтиёр Бахтиёрович соғлиги ёмонлашгани туфайли ўз аризасига биноан (кейинги бир йилда бўйин ва бел умуртқа поғонасида икки марта оғир жарроҳлик амалиётини ўтказган, шунингдек, кўзида ҳам операция бўлган) лавозимидан озод этилди" , - дейилади president.uz сайтида эълон қилинган фармонда.

52 ёшли Ихтиёр Абдуллаевнинг кейинги тақдири номаълум қолаётган эди.

У ўтган йил 29 мартда Сенатдаги чиқишида мамлакатни "шубҳали инвесторлар"дан огоҳлантирган ва 1990-йилларда фаолият олиб борган мухолифат гуруҳларини "қора кучлар" деб атаганди.

Фуқаро жамияти фаоллари Абдуллаевни Президент Мирзиёев бошлаган ислоҳотларга "қарши чиқиш"да айблашган.

Ихтиёр Абдуллаев 2018 йил 31 январида МХХ раиси лавозимига тайинланган, орадан бир ярим ой ўтиб ташкилот ДХХ деб қайта ташкил этилганди.

Абдуллаевнинг тайинланиши 22 йил мобайнида махсус хизматларни бошқарган ва ҳокимият ўзгаришида муҳим рол ўйнагани айтилган генерал Рустам Иноятовнинг шов-шувли истеъфоси манзарасида юз берган.

Президент Мирзиёев МХХдаги қонунсизликларни танқид қилган, унинг айрим собиқ раҳбарларини "давлатга хиёнат"да айблаганди.

У махсус хизматлар тубдан ислоҳ қилиниши, уларнинг ҳокимият идоралари фаолияти, тадбиркорлик ва жамият ҳаётига ноқонуний аралашувларига чек қўйилиши, парламент ДХХни назорат қилиши ва ўзаро тийиб туриш механизми ишга туширилишини айтганди.

Аммо ўтган бир йил мобайнида ДХХ тизимида кадрлар ўзгаришидан бошқа жиддий тузилмавий ўзгаришлар юз берганини кўрсатувчи далиллар йўқ.

Қайтага, ДХХнинг кўпгина соҳалар устидан назорати ҳануз сақланиб қолаётганига доир ишораларни кўриш мумкин.

Ихтиёр Абдуллаевнинг истеъфосидан олдин унинг собиқ ўринбосари Жаҳонгир Эгамов ҳибсга олингани ҳақида тасдиқланмаган хабарлар тарқалганди.

Айрим нашрлар ўз манбаларига таяниб, Ихтиёр Абдуллаевга Бош прокурорлик лавозимида ҳам муовинлик қилган Эгамов "президент оиласи орқасидан кузатув" ўрнатгани боис ишдан четлатилгани ва ҳибсга олингани ҳақида ёзган.

Эгамов ўрнига 71 ёшли генерал Ботир Турсунов тайинлангани хабар қилинган.

Турсунов муқаддам ИИВ Терроризмга қарши кураш бошқармасига раҳбарлик қилган ва Мирзиёев ҳокимиятга келиши ортидан янги ташкил этилган Миллий Гвардия бошлиғи ўринбосари лавозимига тайинланганди.

Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари ушбу жиноят иши президент хавфсизлик хизмати раиси биринчи ўринбосари Отабек Умаров бошчилигида фош этилгани ҳақида ёзмоқдалар.

Отабек Умаров Президент Мирзиёевнинг куёви.

Шу йил март ойида Отабек Умаров Ўзбекистон Триатлон федерацияси раиси этиб сайланган.

2019 йилнинг 19-25 сентябр кунлари Ўзбекистонда бўлган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян ДХХни суд хокимиятининг мустақиллиги ва ҳуқуқ устуворлигига "жиддий таҳдид" деб атади.