Шов-шувли аудиоёзув ортидан, Сенат Регламент ва одоб комиссияси бугунги фавқулодда йиғинида унга уч ойлик муҳлат берган.

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев қатъий огоҳлантирилди - у айбини тан олган, қизишиб кетгани, ҳар қандай жазога лойиқ эканини айтган, ўзини бир марта кечиришларини сўраган.

Сенатор Шуҳрат Ғаниев кеча Би-би-си Ўзбек Хизматига имконли бўлган аудио чиқишида вилоятдаги иш жойларида намоз ўқишга шароит яратиладиган ҳолатлар аниқланса ўша корхона раҳбарига жиноят иши очилишини маълум қилган.

У, шунингдек, унинг олдида ким бўлишидан қатъий назар рўмол ўраб олган аёлга кўзи тушса унинг рўмолини ўша туман ҳокими оғзига тиқиб қўйиш билан таҳдид қилган.

Ҳоким ҳижоб маданиятига риоя этмаётган аёллар аниқланиб, 300 нафарининг ташқи қиёфаси ўзгартирилганини ҳисобот берган.

Фарғона вилоят ҳокими вилоятга келган меҳмонларнинг ҳам соқолини олишни талаб қилган.

Шунингдек, у Марғилонда лозим , яктак ва бошига дўппи кийиб ётган беморни кийими учун шифохонадан чиқариб юборганини айтиб мақтанганди.

Тошкентдаги мухбиримиз Аваз Тоҳировнинг хабар беришича, айни ҳодиса юзасидан қатор сенаторлар чиқиш қилишган. Фарғона вилоят ҳокимини қаттиқ қоралашган.

Улардан сўнг сўз олган Фарғона вилоят ҳокими, "Мен ҳар қандай жазога тайёрман! Менинг авлодим, ота-онам миллий либослар кияди. Мен айбдорман. Айбимни тан оламан. Минг бор узр!", - дея узрхоҳлик қилган.

Аммо халқ, жамоатчилик эмас, йиғинда ҳозир сенатор, сиртдан президентдан кечирим сўраган.

Фото: Kun.uz

Шуҳрат Ғаниевга қатъий огоҳлантириш ва уч ойлик синов муддати бериш таклифи Сенат раиси Танзила Норбоевадан чиққан. Ҳамда сенаторлар томонидан маъқулланган.

Сенат раиси, ўз навбатида, "Раҳбарман, деб чегарадан чиқиш, одоб-ахлоқ қоидасига риоя қилмаслик, ўзидан паст турган ходимларни ҳақоратлаш, "Мен ҳамма нарсани қилавераман", деган дунёқараш нотўғри", дея ҳокимнинг қилган ишини қоралаган.

Аудиоёзув ижтимоий-мулоқот тармоқларида кескин акс-садо берган, биргина постнинг ўзи юзлаб коментларга сабаб бўлган, аксарият ўзбекзабон интернет фойдаланувчилари Фарғона вилоят ҳокимининг истеъфосини талаб қилишган.

Сенат Регламент ва одоб комиссияси фавқулодда йиғинига оид хабар кибер фазодаги шу каби қизғин баҳсу мунозаралар манзарасида кузатилган.

Танзила Норбоева бундан бир неча соат аввал ўзининг Facebook даги аккаунтида чоп этган постида комиссия фавқулодда йиғинининг сенатор Шуҳрат Ғаниевнинг нутқи берган салбий акс-садога боғлиқ эканини эътироф этган.

"Фарғона вилояти ҳокими, сенатор Шухрат Ғаниевнинг ижтимоий тармоқларда тарқалган нутқи 2 кундан буён жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилиб келинмокда. Муҳокамалар жараёнида Ш.Ғаниевнинг хатти-ҳаракатлари кенг омма орасида салбий эътирозларга сабаб бўлмокда. Шу муносабат билан ушбу ҳолат юзасидан бугун Олий Мажлис Сенатининг Регламент ва одоб комиссияси йиғилиши ўтказилишини маълум қиламан", - деб ёзган.

Ҳали йиғин арафасидаёқ вилоят ҳокимига кўрилажак жазонинг қарийб худди шу тариқа бўлишига оид фикрлар ҳам турли ижтимоий мулоқот тармоқларида бўй кўрсатиб улгурган.

Бугунги хабар ортидан, "Сенат бу одамни сенаторлик масаласини кўриб чиқди... лекин ҳокимлик масаласини ким кўриб чиқади...?!", - дея савол қўяётган ўзбекистонликлар сони кам эмаслиги ҳам кўрилган.

Шуҳрат Ғаниев президент Шавкат Мирзиёев томонидан яқинда давлат мукофоти билан тақдирланган саноқли вилоят ҳокимларидан бири бўлади.

Ўзбекистон раҳбари уни "Меҳнат шуҳрати" орденига муносиб кўрган.

Мазкур янгилик Фарғона вилоят ҳокимининг 10 мингдан ортиқ бюджет ходимлари мажбурий меҳнатга сафарбар этилган Риштон туманига бориб кечирим сўрашидан кун ўтиб бўй кўрсатган.

Худди шу боис, бу хабар ҳам аксарият ўзбекистонликларнинг таажжуб, тушунмовчилик, истеҳзо ва кинояларига сабаб бўлмай қолмаганди.

Аудиоёзув билан боғлиқ сўнгги янгилик манзарасида эса, худди шу воқеъликка эътибор қаратган ўзбекзабон интернет фойдаланувчиларининг сонлари ҳам озмунча бўлмаган.

Улар ўз коментларида изоҳ сўраб, сиртдан Президент Шавкат Мирзиёевга ҳам мурожаат қилишган. Ҳатто, шунда ҳам, қолдирган коментларида ҳафсалалари пир эканлиги англашилган.

"Меҳнат шуҳрати" ордени билан эса, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Ўзбекистонда иқтисодиёт ва маданият юксалишига, халқ фаровонлиги ошишига, тинчлик ва барқарорлик сақланишига хизмат қиладиган улкан ишлари учун мукофотланадилар.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг сайланишларига оид ваъдасига қарамай, ҳокимлар бу лавозимга ҳалича унинг ўзи томонидан тайинланишади.

Мирзиёев ўтган ой охирида снослар билан боғлиқ можаролар манзарасида Қашқадарё ва Хоразм вилоятлари ҳокимлари қаторида Фарғонаникини ҳам "дўстликка хиёнат ва сиёсатга душманлик қилган"ликда танқид қилган. Ўзи ишонган ҳокимлар унга "катта душманлик" қилганини айтган.

"Арипов билан Низомиддиновга топшириқ, қайси вилоят ҳокимини ишдан олишни таклиф беринг. Менга керак эмас! Яна бир марта айтаяпман, бу сиёсат билан биз узоққа бора олмаймиз — зўравонлик сиёсати билан! Агар зўравонлик сиёсати зўр бўлганда, 30 йилда зўр бўлиб кетардик", дея таъкидлаган.

Бироқ блогерлар ҳали ўшандаёқ ҳокимлар танқиддан хулоса чиқармади, деган хулосага келишганди.

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг, таъбир жоиз, ҳисобот нутқига Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг бирор бир шаклдаги муносабати ҳозирча кўзга ташланмайди.

Бошқа томондан, аудиоёзув Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон хуқуқлари кенгашининг суд ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича Махсус маърузачиси Диего Гарсиа-Саяна бошчилигидаги делегациянинг Фарғона вилоятига ташрифидан қисқа вақт ўтмай бўй кўрсатган.

Би-би-сига етиб келган аудио файлда Фарғона вилоят ҳокими ўтаётган ҳафтанинг бошида ўтказган селектор йиғилиши овози сақланган.

Унда Шуҳрат Ғаниев вилоятдаги диний ҳолат, одамларнинг соқол қўйиши ва аёлларнинг рўмол ўрашига қўйилиши керак бўлган тақиқлар ҳақида гапиради.

У Қува туманида қўшма корхона очган туркиялик сармоядорга соқолини олиш ҳақида гапирганини айтган.

"Мен айтдим, яхши қўшма корхона очибсизлар раҳмат. Лекин бунақа соқолни қўйиб олманглар. Чет эллик меҳмон, лекин бу шу ерда фаолият юритиб тирикчилик қиладиган бўлса, Ўзбекистон қонунларига бўйсинишга мажбур бўлади ва соқолини оламиз биз. Туркия республикаси фуқаросини. Шундай дедимми?", дейди у Қува тумани ҳокимига

Қува тумани ҳокими вилоят ҳокимининг гапини тасдиқлаган ва ундан сўнг ўзлари яна гаплашиб олганини таъкидлайди.

Вилоят ҳокими икки кун олдин Марғилон шаҳрида "Ипакчи" бозорида автотуроргоҳни бошқараётган тадбиркорнинг соқолини қандай олдирганини гапирган.

"Катта автостоянкани биттаси бошқаряпти. Соқолни қўйиб олган. Бошига шиаларнинг дўпписини кийиб олган. Автостоянкада турибди. Шаҳарни ҳокимини чақирдим. Гапир нима бўлганини", дейди Шуҳрат Ғаниев.

Шунда Марғилон шаҳар ҳокими туриб соқолли эркакка тушунтириб, соқолини олишгани ҳақида ҳисобот беради.

- Ўша "Ипакчи" бозори раҳбарини алмаштиришинг керак эди ўша куни. Нимага олмадинг. Олиб ташланг уни бозордан. Падарига лаънатни ўзини олиб кириб тиқиб ташланг, дейди Шуҳрат Ғаниев.

Ҳокимга кўра, Фарғона вилоят ҳудудидаги бозор-савдо комплексларида фаолият олиб бораётган тадбиркорларнинг, такси ҳайдовчиларнинг ташқи қиёфаси, ҳудуддаги ташқи реклама баннерларига ҳудуд мутасаддилари, ҳокимлар етарли даражада эътибор қаратмаяпти.

"Масалан, транспорт бошқармаси, йўл ташкилоти уюшмалари, Фарғонагазтаъминот, Маданият бошқармаси, Ер-мулк кадастр хизмати, Қўқон Педагогика институти. Тиббиёт академияси Фарғона филиали, Фарғона шаҳар томонидан ички тартиб қоидалар ишлаб чиқилмаган".

Вилоят ҳокими кунлик маълумотларга асосан Риштон тумани Бўстон қишлоғининг "Барака" бозорида диний адабиётлар билан шуғулланаётган савдо шоҳобчаларининг мавжудлиги аниқланганини айтган.

Унга кўра, тадбир давомида рухсат этилмаган, махсус голограммасиз диний адабиётлар савдоси билан шуғулланаётган 3 нафар шахслар аниқланиб, улардан 190 дона давлат тўнтариши қиладиган китоблар мусодара қилинди.

"Риштондаги номардлар, шунақа китоблар тарқатасан уруғингга ўт тушиб кетсин сен Риштондаги... Уруғингга ўт тушиб кетади сен номардларни. Қани тур, ҳов Риштоннинг ҳокими?", -дея туман ҳокимига дакки берган Ғаниев.

У Маҳалла раиси ҳаммасини ишдан олиб ташлашни ва уларни 5 суткага қамашни буюрган.

"Ички ишлар ва судяларни ҳам чақириб, ҳурматли ҳоким. Маҳалла фуқаролар раисини ҳам беш суткага жарима қилиб қамайсизлар. Бунақа маҳалла раиси ҳам керакмас, поспони ҳам керакмас. Риштоннинг хотин-қизлар қўмитасини ишдан олиб ташланглар".

У прокурорга китоб сотишда айбланаётган 3 нафар аёлнинг ҳаммасидан тушунтириш хати олиб, жарима солишни айтган.

Ҳоким ўз маърузасида қандайдир қарор ижроси тўғрисида ҳам гапирган.

Би-би-си ушбу қарорнинг мазмуни ва ким чиқаргани тўғрисида маълумот ололгани йўқ.

"Қарор ижроси юзасидан ўтказилаётган тадбирлар давомида 1249 нафар фуқароларнинг беўхшов соқол қўйиш ҳолатлари аниқланди. Қарордан тўғри хулоса чиқарилди. Қўқон, Фарғона, Марғилон шаҳарларида Фарғона, Бувайда туманларида беўхшов соқол қўйиш ҳолатлари кенг авж олган", дейди ҳоким.

Вилоят ҳокими хотин-қизлар орасида кийиниш, рўмол, ҳижоб маданиятига риоя этмаётган жами 851 нафар хотин қизлар аниқланганини айтди.

"Уларда тушунтириш ишлари олиб борилиб 300 тасининг ташқи қиёфаси ва кийиниш маданиятини ўзгартиришга эришилди", дея ҳисобот беради ҳоким.

У Фарғонадаги аёлларнинг турк ва араб кийимларини кийётганини ҳам танқид қилган.

Яна баъзи бир ҳолатлар бор бизда, хотин-қизларнинг ўртасида араб, турк ва бошқа миллат вакилларининг миллий либосларига тақлид қилиш масаласи экан, дейди у.

У вилоят хотин-қизлар қўмитаси раисиини бу қанақа кийимлар эканлиги ҳақида сўрайди.

"Умумий гапларни гапирманг, нима кийяпти у, қанaқа кийим кийяпти. Қаердан олиб келяпти ўша кийимни. Савдода сотаётган бўлса, нимага ўша савдода сотаётганни Ўзбекистон Республикаси конституцияси билан кийиниш либосига қонунни бузган, деб менга рўйхатини олиб келиб беринг" дейди Ғаниев.

У Қосимовадан бу каби кийимларни сотаётганларнинг рўйхатини олиб келиб беришни талаб қилган.

"Арабнинг кийими ҳам бизга тўғри келмайди, туркникиям тўғри келмайди, Сурияниики ҳам тўғри келмайди. Ўзбекистоннинг ўзини либоси бор. Улар биздан ўрганган кийиниш маданиятини, лекин уларники кейин бузилиб кетган".

Вилоят ҳокими унинг тақиқлашига қарамасдан у юборган жойларга рўмолли журналистни қўйишганига дакки берган.

Би-би-сининг аниқлашича, гап вилоят телевидениеси ишлайдиган рўмолли журналист ҳақида бормоқда.

Вилоят ҳокимига журналистнинг Ўзбекистонга ташриф буюрган БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича эксперти Диего Гарсия-Саянни кутиб олиш учун аэропортга рўмол ва рангли кўйлакда чиққани ёқмаган.

Аёл ўша куни БМТ маърузачиси келгунча касбий фаолиятига тўсқинлик қилиниб, аэропортдан кетказилган.

"Мен кеча битта журналистни ҳайдаб юборсам, бугун яна ўша журналистни мани автобусимда олиб юришган. Ҳайдаворсам, Тадбиркорлар билан автобусда олиб юришибди, аёл кишини. Яна олиб юришибди. Мундай қилиб кириб келади, липпанглаб", дея ўз норозилигини эълон қилган ҳоким.

Шундан сўнг туман ҳокимларига рўмол ўраган аёллар борасида огоҳлантириш беради

"Ҳурматли ҳокимлар эшитиб олинглар. Бирортанг мажлис қилсанг, ман борсам ўша кийимда ўтирган аёл кишини кўрсам. Маҳалла раисими у, ўқитувчими у, жамоатчими у, депутатми у ўша рўмолини олиб оғзингга тиқиб қўяман", дейди Шуҳрат Ғаниев.

У ушбу сўзларини ҳоким ва ҳоким ўринбосарларига ёзиб олишни буюрган.

Вилоят ҳокими ташқи рекламаларда унга ёқмаган жиҳатларни ҳам санаб ўтган.

У нафақат рўмолли, соқолли, балки шимлари йиртилган рекламаларни ҳам танқид қилган.

"Замонавий кийимларни реклама қилишга мўлжалланган реклама баннерлари ва плакатларда миллий қадриятларимизга хос бўлмаган ташқи кўринишда, соқол билан, ҳижобда турли жойлари йиртилган ёки ямоқ солинган. Ё бўйнига алламбало темирлар таққан шахслар акс эттирилган рекламалар кетяпти".

У вилоятдаги ташқи реклама билан шуғулланадиган уч фирмаган 300 миллиондан сўмдан жарима солиш топшириғини берган.

"Ҳозир уччовини чақирасан-да, тушунтириш хати олиб, уччала ташкилот ҳар бири 300 миллиондан 900 миллион сўм жарима соласан. Қонуний жарима соласан", дейди вилоят ҳокими.

У масъул шахсга бозорлардаги тадбиркор, дўкондор - ҳаммадан тилхат олишни буюрган.

"Ўзбекистон Республикаси конституциясида белгилаб қўйилган: юриш, туриш, кийиниш, овқатланиш, яшаш, оила қуриш, фарзанд кўриш, фарзанд тарбиялаш, ҳаёт кечириш тадбирлар ўткизиш қонунлар бор. Ўша қонунлардан чиқмаслик керак. Тамом", дея қатъий фикр билдиради ҳоким.

У бу каби одамларни олиб кириб қамашни тавсия қилади.

"Олиб кириб қамаш керак буларни. Ё бозорга сартарош олиб бориб биттадан юриб сочини олиб, соқолини олиб бошига Ўзбекистон Республикаси миллий қадриятларига мос бўлган қалампир нусха дўппиини кийгизиб қўяйликми? Нимага ҳеч ким индамайди?", дея ўтирганларга юзланади у.

У муаммолардан шикоят қилувчиларга ҳам алоҳида тўхталган.

"Ватан равнақига ўз ҳиссасини қўшишнинг ўрнига олиб борилаётган давлат ислоҳотларини муҳокама қилиб, давлат ислоҳотларига ғийбат қилиб, уларнинг туб моҳиятини тушуниб етмасдан, юртимизни жаҳон ҳамжамияти олдида қоралаш мақсадида ғайри ишлар билан шуғулланаётган шахсларда бўхтон маълумотлар етказиш урфга айланди. Пулнинг эвазига".

Вилоят ҳокими Facebook ижтимоий тармоғига кирувчиларнинг тақдири қандай бўлиши мумкинлигини башорат қилган.

"Олдин Фэйсбукка киради, Фэйсбукдан кейин "Таблиғи жамоат" деганига ўтади. "Таблиғи жамоат" дегани, жамоат бўлиб яшаш дейди. Эркак эркак билан яшайди. Унинг ҳеч қанақанги Исломга, муқаддас динимизга алоқаси йўқ унинг. Улар газандалар. Ундан кейин анунга ўтади, "Жабҳат ан Нусратия" дегани бор, паъдарингга лаънат", дейди у.

Сайловда ким депутат бўлади?

Шуҳрат Ғаниев яқинлашиб келаётган парламент сайловларида кимлар депутат бўлиши мумкинлигига ишора берган.

"4 кундан кейин сайловлар турибди. Сайловларда ҳам ким депутат бўлади? Мана шу масалаларда ўзини кўрсатган одамлар депутат бўлади".

Сайлов бўйича Ўзбекистон қонунларида вилоят ҳокимларининг сайловга таъсир ўтказиши мумкинлиги кўрсатилмаган.

Ҳоким қайси мактабларга кўмак беришини ҳам айтган.

"Кимнинг мактабига бориб ёрдам берамиз биз, ободончилик, бунёдкорлик қилиб, кўкларга кўтариб, давлат мукофотларига тавсия қилиб? Шу мактабда берилаётган таълим тарбия, шу мактабда бўлаётган ҳолатларни содир этмаган мактабларга, боғчаларга, Олий ўқув юртларига эътибор берамиз биз. Шунинг учун ҳамма ўзига хулоса қилиб олсин".

Шуҳрат Ғаниев бир неча кун олдин Марғилон шаҳридаги шифохоналарнинг бирида оқ яктак-иштон ва оқ дўппи кийиб олган беморни қандай қилиб қувиб солганини айтиб берган йиғилганларга.

"Болницада нима ҳаққи бор, оқ иштон, оқ лозим кийиб олиб бошида оқ дўппи кийиб олиб ётишини.. Нима ҳаққи бор? Шифохонага кўрганлар келса, Марғилонда, биттаси ётибди".

Ҳоким 47 ёшли беморга бу миллий кийимларни кийиш нега мумкин эмаслигини қуйидагича изоҳлаган.

"Мандан 5 ёш кичкина экансиз-ку, дедим. Бу нима кийим? Нечи кун бўлди, бу кийимни кийганингизга, иштон билан кўйлакни, дедим. 4 кун бўлди, деди. Нима бу кийиниш, ичкари кўриниб ётибди-ку. Сизга кириб укол қилаётган аёл бировнинг аёли, нима ҳаққингиз бор кўрсатишга, дедим. Сасиб ётибсиз-ку, дедим. Тур, чиқариб ҳайдавор, дедим. Болницадан чиқартириб юбордим. Устингдан ёзаман, палон пистон. Ёзсанг ёзавур дедим" дейди у.

Вилоят ҳокими чақалоққа "тўғри" исм қўймаётган ота-оналарни ҳам тилга олган. Уларнинг орасида Месси ва Роналдулар ҳам бор.

"Чақалоқларга буюк аждоларимиз исмларини қўйиш ўрнига, болаларга, янги туғилган гўдакларга бошқа миллат вакилларининг, террористик ташкилот раҳбарларининг исмини қўйиш ҳолатлари - бу факт. Усома деган от қўйган. Мужоҳид деган от қўйган. Форуқ деган от қўйган. Месси деган от қўйган, Роналду деган от қўйган".

Туғилганлик тўғрисида гувоҳнома берадиган ташкилотлардан бу исмларни ўша вақти ўзгартириш талабини қўйди ҳоким.

"Сартарошхонадан чиқяпти болалар, Сочи бутунлай бошқача қилинган. Ўзбек одамнинг, мўмин-мусулмон одамнинг сочи эмас. Боладан сўраяпмиз мана. Кимнинг сочи бу? Бу Россияда, Санкт Петербургда шунақа соч қўйишади, дейди".

Ҳоким ўзи кўрган соч турмагининг Голландиядаги гейларга оид эканлигини тушунтириб берган.

"Ваҳоланки, у сочнинг прическаси бесоқолбозлар қўядиган Голландиядаги прическа. Агар бошида, ўртасида соч қолиб аёлларникига ўхшаб турмакланмаган бўлса, ўралмаган бўлса, у эркаги бўлади. Агар эркак киши бўлса, сочини турмаклаб олса у аёл ҳисобланади. Падарингга лаънат."

Ҳоким ўз ўрнида собиқ Иттифоқни ҳам эслаб ўтган.

Унга кўра у вақтда оддий ҳолатлар учун ҳам одамлар терговга жалб қилинган.

"Давлат идорасида ишлаб туриб Жума намози, ҳайит намозига борганлар терговга жалб қилиниб, жиноий жавобгарликка тортилган. Ҳозир бизнинг вилоятимизда 198 та масжид фаолият юритаётган бўлса, унда Фарғона вилоятида бор йўғи 6 та масжид фаолият юритган. Бу нима - тўқликка шўхликми?", дейди у.

Ҳоким вилоятдаги диний уламолар ва имомларни бу ҳақда гапиришга тарғиб қилади.

"Нимага индамайди олиму уламоларимиз? Гапирса ўлиб қоладими? Бувайдани имоми гапирса ўлиб қоладими? Битта нарсани эсдан чиқарманглар. Мамлакатимиз конституциявий, демократик давлат. Бизнинг мамлакатимизда дин давлатдан ажратилган. Дунёвий давлат".

Ҳокимга кўра, жаҳонда 260 давлат бўлса ҳаммасиям дунёвий давлат эмас.

"Дунёвий давлат бўлиш жуда қийин. Дунёвий давлат дегани ҳамма тенг ҳуқуқли дегани. Лекин буни бузиб кўрсатиш ҳозир жиноий жавобгарликка тортилади", - дейди Ғаниев.

Шуҳрат Ғаниев вилоятдаги ҳужраларда диний таълим олишни ҳам қоралаган.

"Болаларни жиннига айлантиряпти", дейди у ҳужралар тўғрисида гапираркан.

Масжидда ҳокимлик вакиллари обрўсизлантирилганми?

Вилоят ҳокими ўз маърузасида айрим масжидларни ҳам кескин танқид қилган. У ерда ҳокимлик вакилларини обрўсизлантириш амалга оширилганини айтган.

"Яна баъзи бир ҳолатларда масжидларда ҳокимият, ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан ҳозирги кунда мувофиқлаштириш бўйича олиб борилаётган ишларга беписанд қараб, ҳокимият вакилларини обрўсизлантириш масалаларига эътибор берилган".

Ғаниев ана шундай масжидлар сирасида Данғара туманидаги Саид Аҳмадхон Ҳожи масжиди, Учкўприк туманидаги Хўжа Муҳаммад Вале масжиди, Олтиариқ туманидаги Шоҳи Толиб масжидларии санаб ўтиб уларни ёпишга топшириқ берган.

"Учкўприк туманидаги Хўжа Муҳаммад Вале масжиди, Олтиариқ туманидаги Шоҳи Толиб масжиди шу туман ҳокимлари шу масжидларнинг имоми, ноиби, мутаваллиси, балосими баддари ҳаммасини ҳайдавор" дейди у.

Ҳокимга кўра бу масжидларда мансабдар шахслар устидан ариза ёзиш билан шуғулланган.

"Диний вазиятни соғломлаштириш бўйича маҳаллий ҳокимият идоралари олиб бораётган тадбирларни обрўсизлантириб, ушбу йўналишда фаолият юритаётган мансабдор шахслар устидан ноқонуний аризалар ташкил этиш билан шуғулланган", дейди Ғаниев.

Вилоят ҳокими, шунингдек, шаръий никоҳ ўқиган имомларни ҳам қоралаган.

"Имомларимиз Яратган томонидан берилган йўлларни моддий манфаатдорликда фойдаланишяпти. Хусусан, ноқонуний шаръий никоҳ ўқиш ҳолатлари кузатилётгани бор ҳақиқат".

У Қўштепа туманидаги Нуқрон масжиди имом хатиби, Фарғона туманидаги Дамкўл масжиди имом хатиби ва имом ноиблари ноқонуний никоҳ ўқиган, деган.

"Ҳозир Нуқроннинг ҳам ўша имомини олиб бориб қамайсан, Фарғона тумани Дамкўлнинг имомини ҳам олиб бориб қамайсан эй, иккала ҳоким. Ўзинг бориб қаматасан ҳозир. Эшитдингми эй гапимни Фарғона туман ҳокими?", дейди Шуҳрат Ғаниев.

Вилоят ҳокими яқин ўтган кунларда тарғибот билан шуғулланган 39 нафар фарғоналик жиноий жавобгарликка тортилиш учун ҳибсга олинганини маълум қилган

У ҳокимларга хулоса қилишни сўраган.

"Агар бирорта мактабда, бирорта шифохонада, давлат идораларида у ким бўлишидан қатъий назар. Халқаро ташкилотларда, ишлаб чиқариш жойларида ноқонуний намозхона ташкил қилиб берсаларинг жиноий жавобгарликка тортиласизлар. Ё мумкинми у қонунда прокурор?", дея прокурордан сўраган у.

Вилоят ҳокими Ғаниевнинг таъкидлашича, ҳокимият, банк, мактаб, солиқ идораларида намоз ўқийдиган хона ташкил қилиб, Ўзбекистон Републикаси қонунларини бузган шахслар қонун билан жазоланади.

"Бу дегани Ғаниев атеист бўлиб кетибди, у бўп кетибди деган гап эмас. Катта холангни кўрасан ҳамманг. 90 йилларни бир эслаб кўрсин. Ҳокимиятда ишлаган одамлар қолмасдан қочиб кетган", дейди у.

Ҳокимга кўра вилоятда жуда катта ишчи гуруҳи ишлаяпти.

"Қайси шаҳар ё туманда, агар давлат ташкилоти раҳбарлари, уларнинг ходимлари қонун бузадиган бўлса. Масалан, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида агар битта ноқонуний соқол қўйган одамни топсанг Фарғона нефтни қайта ишлаш корхонаси раҳбари ва ўша касаба уюшмаси раҳбари иккаласи жиноий жавобгарликка тортилади. Фарғона шаҳар ҳокими эшитяпсизми? Агар хулоса қилинмайдиган бўлса яхшиликка олиб келинмайди", дейди у.

Ушбу мажлисда қатнашган Би-би-си манбаси ҳокимнинг айтган гапларини тасдиқлади.

Ундан вилоят ҳокимига ушбу кўрсатма юқоридан - Президентдан тушгани ёки ўзининг ташаббусими деган савол берилганда, Би-би-си манбаси вилоят ҳокимининг ўз ташаббуси , деб тушунишини айтди.

Фарғона вилоят ҳокимлигида айни давда матбуот котибининг ўрни бўш бўлгани учун изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Би-би-си вилоят ҳокимилигининг ҳам муносабати учун очиқлигини маълум қилади.