Ўқувчиларнинг мактаб формасини кийиш ёки ташқи кўриниш тартибига риоя қилмаслиги таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларини бузиш, деб баҳоланади. Бундай вазиятда ўқувчини огоҳлантириш, кундалик дафтарига қайд этиш ва ота-онасини хабардор қилиш лозим. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати эслатиб ўтди.

Ўқувчининг ташқи кўринишига қўйилган талаблар Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, Халқ таълими вазирлигининг 2013 йил 28 февралидаги “Умумий ўрта таълим мактаб ўқувчиларининг одоб-ахлоқ қоидалари тўғрисида”ги ҳамда 2012 йил 7 июндаги “Умумий ўрта таълим мактабларининг ички тартиб қоидаларини такомиллаштириш тўғрисида”ги буйруғи билан белгиланган. Ўқувчилар белгиланган талабларни бажаришлари шарт, уларнинг ота-оналари эса буни назорат қилишга масъул ҳисобланади.

Шунга қарамай ўқувчи мактабга формасиз келганда уни мактаб ҳудудига ёки дарсга киритмаслик бўйича юқоридаги ҳужжатларда ҳеч қандай банд йўқ. Формада келмаган ўқувчига қуйидаги чоралар қўлланиши мумкин:

– огоҳлантириш;

– кундалик дафтарига қайд этиш;

– тушунтириш ишларини олиб бориш учун ота-онасини хабардор қилиш;

– фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва таълим муассасасидаги йиғилишда ота-оналар иштирокида муҳокама қилиш.

Хабарда қайд этилишича, Халқ таълими вазирлиги томонидан ўрнатилган талабларга риоя қилиш бўйича жойлардаги масъулларга кўрсатмалар берилган.