Ўзбек ёзувчиси Ҳамид Исмоилнинг “Жинлар базми” романи Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг адабиёт мукофоти финалида қатнашади.

"Жинлар базми" – Қодирийнинг мўъжаз бир ҳикоясининг номи эди, мен уни Сталин даври қатағонлари ва ўзбек хонликлари даврини тасвирлаш учун қўлладим. Мен ушбу романимни ўзбеклар учун ёзгандим, шунинг учун ўзбек маданиятида қабул қилинган тимсоллардан фойдаландим”, – дейди Ҳамид Исмоил.

“Жинлар базми” романида муаллиф ўзбек ёзувчиси Абдулла Қодирий ҳаёти ҳақида ҳикоя қилиб, қатағоннинг аянчли оқибатларини тасвирлайди. Роман 2017 йили “Академнашр” нашриётида “Жинлар базми ёхуд катта ўйин” номи билан ўзбек тилида нашр этилган.

Финалда, шунингдек, латвиялик ёзувчи Нора Икстен “Она сути” романи билан ва поляк ёзувчиси Ольга Токарчук “Деҳқончилик қуролингдан хабардор бўл” қиссаси билан иштирок этади.

Танлов ғолиби 7 март куни эълон қилинади. Ғолиб 20 минг евро билан тақдирланади. 2018 йилда мукофотни турк ёзувчиси Бурҳон Сенмез “Истамбул, Истамбул” романи учун қўлга киритган.

Ҳамид Исмоил чет элда энг кўп ўқиладиган ўзбек ёзувчиси ҳисобланади, Ўзбекистонда эса Ҳамид Исмоил ижодидан хабардор ўқувчилар оз. Минбар.уз журналисти Хуршид Серобов билан суҳбатда Ҳамид Исмоил 2017 йили Ўзбекистонга қайтишида аэропортдан ўтказишмаганининг сабабини тушунмаганини, айни вақтда ҳукуматдан ушбу ҳолатга изоҳ кутаётганини маълум қилган.

Ҳамид Исмоил Тошкент давлат университетининг биология факультетида таҳсил олган.

Адибнинг қатор шеърий тўпламлари ва насрий асарлари Ўзбекистон, Россия, АҚШ, Буюк Британияда нашр этилган. Ҳамид Исмоил Лондонда жойлашган “BBC телерадиокорпорациясида фаолият юритади.