Ўзбекистонда бу йилги пахта мавсуми вилоят ҳокимлари орасида фермер ва теримчиларга машина совға қилиш бўйича бир нави мусобақа кўринишини олган.

Ўтган йилларда мажбурий меҳнат эвазига давлат режасини уддалаб келган ҳокимлар энди теримчиларни рағбатлантириш йўлига ўтган.

Охирги бир ойда Андижон вилоят ҳокимининг матбуот хизмати Шуҳрат Абдураҳмонов бирин-кетин тўрт кишига автомашина совға қилгани ҳақида хабар тарқатди.

Бунга қадар фақат сўконғичлиги, вазирларни менсимаслиги ва уй бузишлар билан ном чиқарган Андижон вилоят ҳокимининг саҳоватпешалиги ижтимоий тармоқларда ҳавас ва эҳтимолки, яхши маънодаги ҳасад ҳисларини ҳам уйғотган.

"Анжанни шепи ҳар куни бир одамга мошин совға қиляпти... Завод ўзимизда деб совға қилаверишса жааа алам қиласан экан киши!)))Фарғонадаям Мерседес чиқарадиган завод қурилиб қолар))" деб ёзган печкачи Дима Қаюм Фэйсбукда.

Аммо Шуҳрат Абдураҳмоновнинг фарғоналик адаши ва ҳамкасби Шуҳрат Ғаниев ҳам узоқ куттирмади.

Аввалроқ блогерларнинг қаҳрига учраган Фарғона ҳокими қўштепалик кластер раҳбарининг онасига биратўла Малибу совға қилиб юборди.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари фақат Малибуга эмас, балки онахоннинг ўзбекона рўмол ўраганига ҳам эътибор қаратдилар ва "Шуҳрат Ғаниев бир ўқ билан иккита қуённи урди", қабилидаги изоҳлар ҳам ёзилди.

Ҳоким ҳали ўтган ҳафта рўмол ўраган аёлни ҳақоратлагани учун Сенат томонидан қатъий огоҳлантирилгани ва лавозимидан айрилишига бир баҳя қолгани инобатга олинса, бу каби фаразларнинг урчиши табиий эди.

Аммо ҳокимнинг тажрибали матбуот котиби Муҳаммаджон Обидовнинг айтишича, бунинг "пиарга алоқаси йўқ".

Унинг сўзларига кўра, Қўштепа бу йил республикада биринчи бўлиб давлатга пахта топшириш режасини бажарган, кластер раҳбари Мўминжон Раззоқов эса мўл-кўл ҳосил етиштирган.

"У туманда шу кунларда пахтани қайта ишлаш корхонасини қурмоқда, келаси йил 50 миллион доллар сармоя сарфлаб, тўқимачилик корхонасини қуриш режалари бор, аниқроғи, бу ишга ҳам киришилган. Ана шундай инсонни туғиб, вояга етгазган, тарбиялаб, шу кунга етказган онаси Ҳавохон хожи онага вилоят ҳокими номидан "Малибу" машинасининг совға қилиниши, топширилиши, бу табиий ҳол. Бу жуда катта тарбиявий аҳамиятга эга", - деб айтди Би-би-си билан суҳбатда Муҳаммаджон Обидов.

Айни пайтда у "Малибу" учун пул қайси манбадан олинганини очиқламади.

Обидовнинг сўзларига кўра, бу "ички сир".

"Малибу"ни олиш учун давлат бюджетидан бир сўм ҳам сарфлангани йўқ", дея таъкидлади Фарғона вилоят ҳокимининг матбуот котиби.

Ҳокимларнинг машина совға қилишлари Мирзиёев даври анъаналаридан бири.

Президентнинг ўзи учизак кўрганлардан тортиб, мактаб ўқувчисию фермер, ҳатто қўшни давлат фуқароларигача машина совға қилгани маълум.

Аммо ҳеч қачон бу каби қимматбаҳо совғаларнинг молиявий манбаси очиқланмаган.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг ташқи қарзи суръат билан ўсиб бораётгани ҳам маълум.

Ўтган ой Марказий Банк умумий қарз 20 миллиард доллардан ошганини маълум қилган.

Бу жорий йил бошига нисбатан 20% ёки $3,4 млрдга кўпдир.

Ўзбекистон Республикаси Бюджет Кодексининг 11-бобида "Бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари даромадлари" кўрсатилган.

Унинг 72 ва 73- моддаларида шаҳар ва туманларнинг харажатлари ҳамда заҳиралари нималарни қоплаши мумкинлиги айтилади.

Бу харажатлар ичида фуқароларга моддий рағбатлантириш моддаси кўзда тутилмаган.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Абдулла Абдуқодировнинг айтишича, агар ҳоким бюджетдан ташқари қандайдир даромад ёки жамғарма ҳисобидан машина, уй ва ҳаказо тақдим этаётган бўлса, уни аниқ манбасини кўрсатиши ва қонунчиликнинг қайси моддасига амал қилаётганини билдириши керак.

Акс ҳолда, буларнинг ҳаммаси ё бирон бир ташкилот ёки тадбиркор ҳисобидан, ё-да маҳаллий бюджет ҳисобидан дея қаралиб, ноқонуний деб тан олиниши керак бўлади.

Қозоғистонлик иқтисодчи Сапарбой Жубаевнинг айтишича, Қозоғистонда бу каби рағбатлантиришлар учун бир неча махсус жамғармалар заҳираларидан фойдаланилади.

Айни пайтда туман ёки вилоят ҳокимларининг умуммиллий жамғарма маблағларидан истифода этиш имкони чекланган.

"Ўзларига тегишли заҳира маблағларидан фойдаланганлари тақдирда, маҳаллий кенгашлар олдида ҳисоб берадилар", - дейди қозоғистонлик иқтисодчи.