Ўзбекистон мустақил бўлиши билан собиқ коммунистик партиянинг маҳаллий котиблари қарийб йўқолаёзган сўз билан "ҳоким" деб атала бошландилар. Аммо гап номда эмас, амалда.

Ҳокимлар ўтган чорак аср давомида Ўзбекистон ҳукуматининг аксар қишлоқ хўжалигидаги репрессив сиёсатини амалга оширувчи асосий воситалардан бири бўлиб келишди. Бу йўлда улар ҳар қандай қонун ва ҳуқуқий меъёрларни топташган.

Ҳокими мутлақлар

Давлат раҳбариятининг ҳокимият ислоҳотлари эса кўпинча пахта ё ғалла режасини бажармаган ҳокимни мажлисда койиб, ўз лавозимидан бўшатиш амалида жо бўларди.

Ҳокимлар қонунни бузаётгани, фуқарога ҳуқуқисиз қул каби муносабатда бўлаётгани ва ҳатто коррупцияга нечоғли ботгани марказий ҳокимиятни қизиқтирган ё қизиқтирмагани номаълум эди.

Ҳартугул, бу ўринда йирик кураш ёки ислоҳот олиб борилмаган.

Зотан ёш болалар дохил 1 ярим миллион халқни ҳар куз мажбуран пахта даласига ҳайдаш буйруғи энг тепадан келган, содиқ ҳокимлар эса ишдан бўшамаслик учун бу буйруқни бажаришган.

Балким шу боисми, ҳокимларнинг ноқонуний амалларига қарши чиққанлар Президент сиёсатига, тузумга қарши чиққан саналарди.

Вилоятларда мактаб директорларидан тортиб токи касалхона бош шифокоригача ҳоким олдида қалтираб турарди.

Узоқ йиллар ҳокимларнинг зўравонлиги одатий ҳол, аммо далилланмаган миш-миш сифатида кўрилди.

Лекин сўнгги уч йилда бир неча бор интернетга чиқиб кетган аудио-видео ёзувлар уларнинг аслида кимлиги ва қандай ишлашини кўрсатди:

Ҳокимлар халқ таълими вакиллари, фермерлар, шифокорлар ва, умуман, исталган фуқарони сўкиб ва ҳатто калтаклиб келаркан. Нега?

"Ўзбекистонда ҳокимларни тийиб туриш механизми йўқ, президентдан бошқа ҳеч кимдан ҳайиқишмайди" - дейди Би-би-си билан суҳбатда журналист Хуршид Йўлдошев.

Халққа ҳоким, президентга хизматкор

Ўзбекистонда вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимларини Президент тайинлайди.

Бу дегани - ҳоким бутун фаолияти давомида халққа эмас, президентга ёқишга интилади.

"Давлат ҳуқуқий йўналиш, фикрлаш ва амалиётдан чекиниб турибди" - вазиятни изоҳлайди таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

"Шу қаторда, давлат мулозимларининг жамият манфаатларига эмас, марказий ҳукумат қарашларига тўлиқ тобеъ эканлигини урғулаш даркор".

"Халқаро стандартлардаги ҳуқуқий давлатчиликка ўтилса ва ҳокимларни бевосита ҳалқ сайлайдиган механизм жорий қилинса, Ўзбекистондаги вазият ижобий томонга ўзгаради".

Шавкат Мирзиёев қудратга келиши биланоқ ҳокимларни халқ сайлашини йўлга қўйишини айтганди.

Аммо ўтган уч йил давомида бу борада бирон амалий ё ҳуқуқий қадам қўйилмади. Сабаби - номаълум.

Ҳоким ютди, Мирзиёев ютқаздими?

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг қаттиқ сўкиниши илк бора 2018 йил бошида Қозоғистонда ўзбекистонлик муҳожир йигитлар ёниб кетиши ортидан оммага ошкор бўлди.

У ўшанда бутун бошли туман аҳолисини сўкканди.

Буни кўпчилик қоралади, президент ҳам кейинроқ сўконғич ҳокимларни хиёнат қилишда айблади.

Айримлар энди ўзгариш бўлади, деб кутишди.

Бироқ Президент Мирзиёев бир йиғинда ҳокимлар ўз вакиллари эканини урғулади.

Ўтган август ойида эса президент сўконғичлиги билан ном қозонган Фарғона ҳокими Шуҳрат Ғаниевни мукофотлади.

Сўнгги воқеалар ривожида эса ҳоким Ғаниев қаттиқ огоҳлантирилгани билдирилди.

Аммо таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг ўйлашича, уни огоҳлантириш билан жазолаш амали - бу Президент Мирзиёев маъмуриятига нисбатан кучли ишончсизликка сабаб бўлди, холос.

"Ҳоким ютди, Мирзиёев ютқазди" - хулоса қилади таҳлилчи.

Яхши ҳоким эмас, яхши тизим керак

Баъзи фикрларга кўра, ҳокимларга уларнинг аслида халқ хизматчиси эканини уқдириб туриш жоиз ва шу боис ҳам мутлақ хўжайинликни англатувчи "ҳоким" сўзидан воз кечиш керак.

Бошқалар эса ҳокимларни ҳам демократик давлатларга тажриба ўрганишга юбориб туриш лозим, дейишади.

Зотан, тажриба ўрганиш амалларига аллақачон қўл урилмоқда ҳам.

Лекин бу чоралар ҳозирги шароитда иш беришига ишонч катта эмас.

Қатор таҳлилчиларга мувофиқ, ҳокимларнинг зўравонлик, ҳақорат ва ўрта асрларга хос услуллар билан ишлаши аслида амалдаги мавжуд тузумга тақалади.

"Иккинчи маъмурият эски вазифаларни нисбатан юмшоқ оҳангларда амалга оширмоқчи" - изоҳлайди Камолиддин Раббимов.

"Назаримда, вилоят ҳокимлари икки ўт орасида қолишган" - давом этади у - "Бир томондан, улар марказнинг оғзаки, норасмий, расмий ва ёпиқ топшириқларини бажаришлари лозим".

"Айни пайтда, ижрочи сифатида жамият билан тўқнашаётган, ижтимоий танқидга учраётган бўғин ҳам улар".

Ўзбекистонда яхши раҳбар исташ одати кучли, аммо раҳбарнинг яхши бўлиши учун уни халқ тергаб туришини таъминлайдиган тизим йўқ.

"Ким ҳокимликка келса ҳам, шунақа бўлаверади" - фикрлайди Хуршид Йўлдошев.

"Бизга яхши ҳокимлар керак эмас, бизга исталган раҳбарни тийиб турадиган тизим керак".