Ўзбекистон иқтисодиёт ва саноат вазирлиги таклиф қилаётган президент қарори лойиҳасига кўра ҳар бир туман, шаҳар ва вилоятнинг йиллик рейтинги ишлаб чиқилади. Маҳаллий давлат бошқаруви органларининг ишига ана шу рейтингга қараб баҳо берилади.

Таклиф қилинаётган рейтинг тизими ҳар бири максимал 50 балл бўлган икки қисмдан иборат бўлади:

  • расмий статистика кўрсаткичлари бўйича ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолати баҳоланади. Бунда:

а) аҳоли турмуш даражаси ва яшаш сифати;

б) аҳоли соғлиғи ва соғлом турмуш тарзи;

в) маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг аҳоли билан ишлаш самарадорлиги;

г) ҳуқуқбузарлик даражаси;

д) ишбилармонлик муҳити;

е) хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси аҳволи;

ж) озиқ-овқат хавфсизлиги ва қишлоқ хўжалигининг қанчалик диверсификация қилингани.

  • Аҳоли ўртасида ўтказиладиган сўров асосида олинган хулосалар.

Рейтинг тизими тажриба тариқасида 2020 йилдан жорий қилиниши мумкин. Рейтинг кўрсаткичларини жамлаш, мониторинг қилиш Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига юкланади.

Рейтинг тизимининг аҳамияти нимада?

Шу пайтгача маҳаллий давлат бошқаруви органлари ва ҳокимлар иши муайян бир соҳада, дейлик, пахта режасини вақтида топшириш каби ишлари асосида, тор кўрсаткичлар бўйича баҳолаб келинган. Энг асосийси, бу баҳолашларда аҳоли иштирок этмаган.

Янги таклиф қилинаётган умумий ҳисобда 100 балли рейтинг тизимининг 50 бали аҳолининг баҳолаши асосида белгиланади.

Бу тизимнинг камчиликлари нимадан иборат?

Рейтинг тизими самарадорлиги берилаётган статистик маълумотларнинг ҳаққонийлиги, қўшиб ёзилмагани билан чамбарчас боғлиқ. Шунингдек, аҳоли ўртасида сўров ўтказиш қанчалик тўғри ташкил қилиниши, натижалар тўғри кўрсатилиши ҳам муҳимдир.

Бу рейтинг тизимининг биринчи қисми айни маҳаллий бошқарув органларининг ўзлари берадиган статистик маълумотларга таянади. Уларнинг тўғрилигини текшириш доим ҳам осон бўлавермайди.

Иккинчи қисми – аҳоли фикрини ўрганиш эса “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш марказига юкланмоқда. Бу марказ ўтмишда 90 ва ундан юқори фоизлик кўрсаткичларни эълон қилиши билан машҳур бўлган.

Ушбу ҳолатларни ҳисобга олганда рейтинг тизими яхши, аммо уни самарали ва тўғри йўлга қўйиш мушкул бўлиши мумкин.