Ўзбекистон президентининг “Халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим самарадорлигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ХТВ тасарруфидаги техник ижодкорлик, бадиий ижодиёт, ўлкашунослик ва экология бўйича “Баркамол авлод” Республика болалар марказлари негизида Республика “Баркамол авлод” болалар мактаби, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) “Баркамол авлод” болалар марказлари негизида “Баркамол авлод” болалар мактабларини ташкил этиш белгиланди.

Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Халқ таълими вазирлиги ва вилоят халқ таълими бошқармалари ҳузуридаги ахборот-ресурс марказлари негизида “Болалар кутубхоналари” ташкил этилади. Бундан ташқари, болалар туризмини тизимли ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, 2020–2023-йилларда Бухоро, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги “Баркамол авлод” болалар мактаблари ҳузурида 100–200 ўринли “Болалар сайёҳлик базалари” ташкил этилади.

Қарорнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, унда Халқ таълими вазирлигининг мактабдан ташқари таълимни ривожлантириш бўйича асосий вазифалари билан бирга 2019–2021-йилларда халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим муассасалари фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича “Йўл харитаси”, 2020–2024-йилларда янгидан қуриладиган, реконструкция қилинадиган ва мукаммал таъмирланадиган “Баркамол авлод” болалар мактаблари ҳамда 2020–2023-йилларда янгидан қуриладиган, реконструкция қилинадиган ва мукаммал таъмирланадиган “Болалар кутубхоналари”нинг асосий параметрлари тасдиқланди.

Қарорга кўра, 2020-2021-ўқув йилидан бошлаб, барча “Баркамол авлод” мактабларида “STEAM – таълим” (Science – табиий фанлар, Technology – технологиялар, Engineering – муҳандислик, Art – санъат, Mathematics – математика) дастури жорий этилиб, умумий ўрта таълим мактабларида ўқувчилар қизиқишига кўра “Баркамол авлод” болалар мактабларининг тармоқ тўгараклари ташкил этилади.

“Баркамол авлод” болалар мактаблари ходимларини ижтимоий ҳолатини яхшилаш, уларнинг самарали меҳнат қилишлари учун шарт-шароит яратиш мақсадида, 2020 йил 1 январдан бошлаб директор ва директор ўринбосарларининг иш ҳақи 1,55 бараварга, тўгарак раҳбарларининг иш ҳақи 1,5 бараварга оширилади. Инструктор-услубчилар ва услубчилар иш ҳақи тўгарак раҳбарлари базавий тариф ставкалари миқдорига тенглаштирилади.

Ўқувчиларни “Баркамол авлод” болалар мактабларига қамраб олиш даражаси (умумтаълим мактаблардаги ўқувчилар сонига нисбатан) 10,5 фоизга ҳамда 2024 йилга қадар давлат-хусусий шериклик асосида робототехника ва инженерлик тўгараклари улуши (жами тўгараклар сонига нисбатан) 10 фоизга етказилади. Шунингдек, “Болалар кутубхоналари” ва мактаб кутубхоналари учун жаҳон ва миллий адабиёти дурдоналарига кирувчи асарларнинг аудиокитоб шакли яратилади.