Саудия Арабистони биринчи марта сайёҳлик визасини беришни бошлайди. Уни 49 давлат фуқаролари олишлари мумкин. Ўзбекистон бу рўйхатда йўқ.

Жума куни эълон қилинган рўйхатга Марказий Осиё давлатларидан фақат Қозоғистон кирган, шунингдек, Россия ва Болтиқбўйи давлатлари ҳам бор.

АҚШ, Британия, Шенген ҳудудига кирувчи давлатлар, Австралия, Япония, Хитой, Жанубий Корея ва Сингапур фуқаролари ҳам эндиликда Саудияга турист сифатида сафар қила оладилар.

Бунга қадар Саудия, асосан, ҳаж ва умра зиёратини адо этишни истаган мусулмонлар учун зиёрат визаси ва шунингдек, тадбиркорлар учун ишчи визаларини бериб келган.

27 сентябрдан бошлаб Саудия Арабистони дипломатик ваколатхоналари подшоҳликка сайёҳ сифатида боришни истаганлардан аризалар қабул қилишни бошлаши айтилган.

Саудия Туризм вазири Аҳмад Хатиб сайёҳлик визаси беришнинг бошланишини "тарихий лаҳза" деб атаган.

Ар-Риёд мамлакатни хорижий сайёҳларга очиш билан 2030 йилга келиб, ялпи ички маҳсулотда туризм улушини ҳозирги 3 фоиздан 10 фоизга оширмоқчи.

"Мамлакатга келадиган сайёҳлар бу ердаги хазиналарни кўриб, ҳайратга тушадилар - ЮНЕСКО Бутунужаҳон Меросига кирган бешта обида, ўзига хос бой маданият, бағоят гўзал табиат", - деб айтган Аҳмад Хатиб.

Сайёҳларга нима мумкин, нима мумкинмас?

Хабар қилинишича, сайёҳларга подшоҳликда амал қиладиган дресс-код масаласида маълум енгиллликлар берилади.

Саудия ҳукумати, жумладан, хорижий аёл сайёҳлардан абая (араб аёллари киядиган, баданни тўла ёпадиган қора рангдаги узун анъанавий кўйлак) кийишларини талаб қилмайди.

Айни пайтда Саудия расмийларининг айтишларича, аёллар одми ёки камтарона кийинишлари керак бўлади.

"Умид қиламизки, дўстларимиз ва меҳмонларимиз бизнинг маданиятимизга ҳурмат билан муносабатда бўладилар", деб айтган Туризм вазири.

Ал-Уладаги Фил қоясининг баландлиги 52 метр. Уни кўриш учун Саудиянинг турли бурчакларидан зиёратчилар келишади
Фото: AFP

Ар-Риёд, шунингдек, аёл сайёҳларга эркак яқинлари ҳамроҳлик қилишини талаб қилмайди.

Ислом динида бўлмаган сайёҳларнинг мусулмонлар учун муқаддас Макка ва Мадина шаҳарларига ташриф буюришларига, аввалгидек рухсат берилмайди.

Шунингдек, спиртли ичимликларга амал қиладиган тақиқ сайёҳларга ҳам қўлланилади.

Саудия Арабистонининг ўз имижини яхшилашга қаратилган саъй-ҳаракатларга қарамай, инсон ҳақлари борасидаги танқидлар камаймаётир.

Шу йил июнида БМТ валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон ва бошқа мулозимларнинг журналист Жамол Хашоқжи ўлимига алоқадор эканликларини айтган.