Халқ таълими вазирлиги томонидан жорий йилнинг 16 сентябрь куни “Президент мактаблари – юртимизда таълим сифатини оширувчи локомотив” мавзусида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун медиа-тур ташкил этилди.

Медиа-тур давомида Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 20 февралдаги қарорига асосан ташкил этилган Президент мактаблари мамлакатимизда иқтидорли ёшларни ўқитиш тизимини яратиш ҳамда келгусида уларда раҳбарлик ва етакчилик кўникмаларини шакллантиришга қаратилгани, жорий йилда Тошкент шаҳрида илк мактаб иш бошлагани, айни пайтда Наманган, Нукус ва Хивада Президент мактабларининг қурилиш ва жиҳозлаш ишлари якунланаётгани ҳақида маълумот берилди.

ХТВ ахборот хизматининг таъкидлашича, Президент мактабларининг дастлаб чекланган миқдорда ташкил этилиши ушбу муассасаларни бошқариш учун мутлақо янги моделни синаб кўриш зарурати билан боғлиқ. Синовдан сўнг, Президент мактаблари 2020 йилда Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида, 2021 йилда Aндижон, Навоий, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида қуриш режалаштирилган.

Медиа-тур давомида журналистларнинг Президент мактабига кириш имтиҳонлари ва ўқув жараёни ҳақидаги саволларига ҳам батафсил жавоб берилди.

Шу ўринда қайд этиб ўтиш керакки, Президент мактаблари интернат сифатида фаолият кўрсатмоқда. Яъни, ўқувчилар 5 кун давомида мактаб ҳудудида (кампусда) яшаб, ўқишади. Дам олиш кунлари ота-оналар фарзандларини уйга олиб кетишлари мумкин. Президент мактаби ўқувчилари бепул мактаб формаси ва овқат билан таъминланади.

Президент мактабларида ўқув жараёни “STEAM - таълим“ дастури (Science — табиий фанлар, Technology — технологиялар, Engineering — техник ижодкорлик, Art — санъат, Mathematics — математика) бўйича олиб борилади. Бу эса иқтидорли ёшларнинг фикрлаш қобилияти, ирода, ижодий салоҳияти, мослашувчанлигини ривожлантиришга имкон беради. Ушбу йўналишдаги дарслар инглиз тилида олиб борилади. Айни пайтда мактаб STEAM методологияси бўйича дарслик ва ўқув қўлланмалар билан таъминланган.

Ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва юртга садоқат руҳида тарбиялаш учун Президент мактабларида ўзбек тилида ўқитиладиган она тили ва адабиёти, тарих ва бошқа фанларни чуқур ўрганишга алоҳида эътибор берилади.

9-11-синф ўқувчиларининг қизиқишлари ва хусусиятларига қараб, Президент мактабида таълим ўқув жараёнини индивидуализация қилинган ҳолда олиб борилади.

Президент мактаблари битирувчилари белгиланган тартибда давлат томонидан тасдиқланган шаҳодатнома, аттестат билан бир қаторда, халқаро даражадаги тегишли дастур дипломи (International Baccalaureate, Advanced Placement ёки International Advanced Levels)га эга бўлади. Бу эса ўз навбатида хорижий олий ўқув юртларига кириш имконини беради.

Канаданинг “Teachaway” ҳамда Буюк Британиянинг “TIC Recruitment” рекрутинг компаниялари билан ҳамкорликда мактабга 30 нафар чет эллик мутахассис танлаб олинди. Шунингдек, 72 нафар тажрибали ва малакали маҳаллий ўқитувчи ҳам жалб этилди. Уларнинг барчаси махсус имтиҳондан ўтказилди.

Cambridge Assessment International Education вакиллари томонидан маҳаллий ва хорижий мутахассислар учун Кембриж ўқув дастурлари асосида махсус тренинглар ўтказилди. Шунингдек, Cambridge ўқув дастурини амалга оширишнинг ижобий тажрибасини ўрганиб, уни мамлакатимиздаги бошқа мактабларда қўлловчи маҳаллий мутахассислар жамоаси шакллантирилди.

Аҳамиятлиси, Президент мактаблари ўзига хос билимлар марказига айланади. Мактаб маъмурияти ва ўқитувчилар илғор педагогик тажрибани ўрганиб, ҳаётга татбиқ этади. Бир сўз билан айтганда, Президент мактаблари республикамизда таълим сифатини оширувчи ўзига хос локомотивга айланади.