Швеция расмийлари ўқувчилар давоматини яхшилаш мақсадида гимназияда қиёфани таниш тизимини жорий этган муниципалитет расмийларини 20700 АҚШ долларига тенг жаримага тортди.

Швециянинг Маълумотларни муҳофаза қилиш идораси (The Swedish Data Protection Authority) расмийларига кўра, Skelleftea муниципалитети шахсий ҳаёт дахлсизлиги билан боғлиқ қонунларни бузган.

Шунинг учун 200000 Швеция Кронаси ёки $20700 жарима солинган.

Гимназияда қиёфани таниб олиш кузатув камераларини ўрнатиш эксперимент бўлган.

Расмийларга кўра, уч ҳафта мобайнида гимназиянинг 22 ўқувчисидан фойдаланилган, асосий мақсад юқори синф ўқувчиларининг синфга ўз вақтида кирганини қайд этиш бўлган.

Ушбу ҳодиса Швецияда Европа Иттифоқи қабул қилган GDPR қонунининг кучга киритилиб, чиқарилган илк жарима ҳодисасидир.

Инглиз тилида GDPR (General Data Protection Regulation) деб номланган қонун Шахсий маълумотларни муҳофаза қилиш бўйича Бош регламентдир.

Регламент ўтган йилдан кучга кирган, унда инсоннинг юзи туширилган фотосурат ва бошқа биометрик ахборот махсус маълумот категориясига киритилган, бу махсус маълумотдан фойдаланишга доир чекловлар жорий этилган.

Швециянинг Маълумотларни муҳофаза қилиш идорасига кўра, агар гимназиядаги эксперимент уч ҳафтадан кўпроқ давом этганида жарима ҳам каттароқ бўларди.

Швецияда нашр қилинадиган ComputerSweden журнали хабар қилишича, Маълумотларни Муҳофаза қилиш идораси матбуотдаги хабарлардан кейин текшириш бошлашга қарор қилганлар.

Шу йил февралида SVT Nyheter телеканали хабар тарқатган, унда Андерсторп гимназияси ўқитувчилари болаларнинг давоматини текширишга йил давомида 17000 соат сарфлаётганлари, қиёфани таниб олиш технологияси ушбу жараённи тезлаштирармикан, деган ўйда эксперимент ўтказилгани айтилган.

“Мутлақо хавфсиз”

Эксперимент 2018 йилнинг кузида ўтказилган. Унинг жуда муваффақиятли ўтганини айтган маҳаллий расмийлар бошқа ўқув муассасаларига ҳам жорий этиш устида бош қотира бошлаганлар.

Ҳокимликда Андерсторп ва Натурбрук гимназиялари учун масъул бўлган Жорген Малм технология “мутлақо хавфсиз” экани ҳақида айтган.

Швециянинг Маълумотларни Муҳофаза қилиш идорасига кўра, гимназия раҳбарияти ўқувчиларни кузатув камералари воситасида кузатишни бошлашдан олдин ота-оналарнинг розилигини олган.

Бироқ маълумотларга оид идора эса ота-оналарнинг розилиги инсоннинг шахсий ҳаётига дахлдор нозик маълумотни йиғиш учун етарли ҳуқуқий асос бўлолмайди деган қарорга келган.

Регуляторга кўра, гимназиянинг айрим ҳудуди ёки хоналари “жамоат жойи” деб кўрилса-да, ўқувчиларнинг айрим жойларда махфийликни кутишга ҳақлари бор.

Агар кузатув камералари ишга солинмаганида давоматни аниқлашнинг бу усули шахсий ҳаётга камроқ тажовуз деб кўрилиши мумкин эди.

Skelleftea маҳаллий ҳокимлиги нозик биометрик маълумотдан қонунга зид фойдаланган, регуляторни ўз экспериментидан бохабар қилиш ва бошлашдан олдин регулятор маъқулловини қўлга киритиш каби талабларни бажармаган, дея хулоса чиқарган Маълумотларни муҳофаза қилиш идораси.