Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг собиқ раҳбарлари узоқ муддатларга қамалди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

2018 йилнинг ноябрь ойида агентлик раҳбарлари катта миқдорда пора олганликда айбланиб қўлга олинган эди. Баъзи манбалар 14-20 ноябрь кунлари Миграция агентлигининг 20га яқин расмийси Кореяга ишга кетаётганлардан 20 миллион доллар пора олганликда гумонланаётгани ҳақида ёзган эди. Мазкур хабарни орадан бир неча кун ўтгач, Бош прокуратура тасдиқлаган.

Олий суд хабар беришича, агентликнинг собиқ раҳбарлари фирибгарлик, пора бериш, компьютер ахборотидан қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланишда айбдор топилган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 19 августда чиқарган ҳукмига кўра:

  • Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг собиқ бошлиғи Ровшан Ибрагимов – 12 йилга озодликдан маҳрум этилган.
  • Агентлик бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаган Улуғбек Назаров – 12 йилга озодликдан маҳрум этилган.
  • Агентликнинг Фуқароларни чет элда ишга жойлаштириш масалалари департаменти Чет элда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлганларни топиш ва рўйхатга олиш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган Алижон Абдуллаев – 11 йилга озодликдан маҳрум этилган.
  • Агентликнинг Жўнаб кетишдан олдинги мослаштириш ва ўқитиш маркази директори лавозимида ишлаган Озод Махсудов – 11 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Судланувчилар Жиноят кодексининг 210 (пора олиш), 211 (пора бериш), 243 (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) ва 2782 (компьютер ахборотидан қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланиш) моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган.