16 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида ўтказилган йиғилишда халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича қатор вазифалар белгилаб берилди, жумладан, таълим сифати бўйича Сирдарё вилоятини намунали ҳудудга айлантириш ташаббуси илгари сурилди, дея хабар бермоқда ХТВ ахборот хизмати.

Мазкур вазифанинг ижросини таъминлаш мақсадида 2019 йил 2 октябрь куни Сирдарё вилоят ҳокимлигида Бош вазир ўринбосари Азиз Абдухакимов раислигида Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси раҳбари Улуғбек Ташкенбаев, Давлат тест маркази директори Мажид Каримов, Гулистон давлат университети ректори Муҳсин Ҳожиевлардан иборат Республика ишчи гуруҳининг ташкилий йиғилиши бўлиб ўтган.

Йиғилишда биринчи навбатда вилоятда мавжуд 309 та умумий ўрта таълим муассасаларини хатловдан ўтказиш, уларнинг моддий-техника базаси аҳволини ўрганиш, мактаб директорларининг менежерлик қобилиятлари ва билимлари, 13 минг нафардан ортиқ фан методистлари ва ўқитувчилар ҳамда 9 минг нафарга яқин ўқувчиларнинг билим даражаларини аниқлаган ҳолда вилоят халқ таълими тизимининг бугунги кундаги реал ҳолатини баҳолаш вазифаси атрофлича муҳокама қилинган.

Шу мақсадда Давлат тест маркази томонидан вилоятдаги халқ таълими бошқаруви органлари ходимлари ва мактаб директорларининг раҳбарлик қобилияти, методист ва ўқитувчиларнинг тегишли фан бўйича билимларини тест синовидан ўтказиш ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан мактаб ўқувчиларининг билим даражасини ёзма ишлар орқали ўрганиш белгилаб олинган.

Ўрганиш натижалари ҳар томонлама таҳлил қилиниб, улар асосида ҳар бир мактаб, туман (шаҳар) кесимида ҳамда вилоят ва Республика даражасида Сирдарё вилоятида таълим сифатини ошириш юзасидан “йўл хариталари” ишлаб чиқилиши кўзда тутилган.

ХТВ Сирдарё вилояти умумтаълим муассасаларини ўрганиш давомида таълим жараёнида юзага келиши мумкин бўлган айрим ноқулайликларни ўқувчи, ўқитувчи, ота-оналар ва кенг жамоатчилик вакиллари тўғри тушунишига умид билдирган.