ХТВ таълим тизимида халқаро баҳолаш дастуриларини жорий этиш ҳаракатида, деб хабар бермоқда вазирлик ахборот хизмати. Хабарда қайд этилишича, ҳозирги кунда вазирлик АҚШнинг USAID ташкилоти билан ҳамкорликда ўқувчиларнинг ўқиш (EGRA) ва математика (EGMA) бўйича қобилиятларни баҳолаш тадқиқотларини тизимга жорий этишга тайёрланмоқда.

EGRA ва EGMA халқаро баҳолаш дастуриларини жорий этилиши мазкур тадқиқотлар бошланғич синф ўқувчиларининг ўзлаштиришини яхшилаш ҳамда таълим жараёнидаги камчиликларни аниқлашга ёрдам беради. ХТВ ахборот хизматининг маълум қилишича, ушбу баҳолаш тизими дунёнинг 70 дан ортиқ мамлакатларида қўлланилади. Шунингдек, PISA, ТIMSS, PIRLS каби ўқувчилар билими даражасини баҳолаш учун халқаро тадқиқотлар ҳамда дастурлар тайёрлаш учун яхши восита ҳисобланади.

2019 йилнинг 9–18-октябрь кунлари таълим жараёнига халқаро тажрибаларни татбиқ этиш, умумий ўрта таълим мактаблари бошланғич синф ўқувчиларининг ўқиш ва математика фанларидан билимларини аниқлаш ҳамда билим самарадорлигини ошириш мақсадида Республика таълим марказида ўқув-амалий семинар ташкил этилади. Мазкур семинарда EGRA ва EGMA халқаро баҳолаш дастури лойиҳаси бўйича 46 нафар мониторинг гуруҳи аъзолари иштирок этади.

Семинар-тренингда EGRA ва EGMA халқаро баҳолаш дастури ҳақида маълумот берилади. Шунингдек, дастурни тизимга татбиқ этиш воситалари ишлаб чиқилади. Ўқув семинаридан сўнг EGRA ва EGMA халқаро тажрибалари амалиётга босқичма-босқич жорий этиб борилади.