Тошкент вилояти Янгийўл туманида 2018 йилда 28-мактабнинг филиали қурилиши чала қолдириб кетилгани, давлат томонидан қурилиш учун ажратилган маблағ талон-торож қилингани ҳақида “Озодлик”нинг “Sizdan Telegram” саҳифасида хабар берилган эди.

Тошкент вилояти халқ таълими бошқармаси Minbar’га мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қилди.

Янгийўл тумани Халқобод МФЙ ҳудудида 3 қаватли 840 ўринли қурилиши тугалланмай қолган мактаб биноси ўрнига Ўзбекистон Президентининг 2016 йил 23 декабрдаги қарорига асосан 360 ўринли ўқув биноси, спорт ва ва фаоллар зали қуриш белгиланган. 2017 йилнинг март ойида барча объектлар қайта ўрганилиб, 2017 йил 7 апрелдаги Президенти қарори билан имзоланган “Инвестиция дастури” доирасида Халқобод МФЙ ҳудудида 2 қаватли 360 ўринли мактаб биноси қурилиши учун 1,9 млрд сўм ажратилган.

“Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси ва “SURITO” МЧЖ ўртасида имзоланган шартнома асосида қурилиш ишлари 2017 йил 10 июлда бошланиб, 2018 йил 31 март санасида тугатилиши белгиланган. Бироқ қатор камчиликлари борлигига қарамай Янгийўл тумани ҳокими А.Тўхтабаевнинг 2018 йил 30 июндаги 634-сонли қарорига асосан мактаб камчиликларни бартараф этиш шарти билан фойдаланишга қабул қилинган. Пудратчи аниқланган камчиликларни белгиланган муддатда бажармагани сабабли Тошкент вилояти прокуратураси томонидан вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси техник назоратчиси ва “SURITO” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Тошкент вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, мазкур жиноят иши 2019 йилнинг 24 апрель куни жиноят ишлари бўйича Янгийўл тумани судида кўриб чиқилган. Суд қарорига асосан мактаб қурилишида йўл қўйган камчиликлари учун пудратчи ташкилотларнинг мансабдорлари айбдор деб топилиб, жаримага тортилган. Ҳозирги кунда аниқланган камчиликлар (биринчи ва иккинчи қаватларнинг пол қисми, бино фасади ва бошқалар) юзасидан таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Ўқув биноси янги ўқув йили бошлангунга қадар фойдаланишга топширилиши назарда тутилган.